Мамлакатимизда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилиш, болани оилада тарбияланиши учун унинг қондош оиласини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ёки жойлаштиришнинг муқобил шаклларини ривожлантириш, етим болалар учун оилавий муҳитда тарбияланиш имконияти амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5215-сонли Қарори асосида масъул ташкилотлар билан биргаликда салмоқли ишлар амалга ошириб борилмоқда. 2021 йил август ойигача фаолият кўрсатган 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та болалар шаҳарчасидан 2022 йил ҳолатига кўра 12 та Меҳрибонлик уйи, 4 та Болалар шаҳарчаси ва 3 та Болалар уйи фаолияти тугатилди. Бугунги кунда 1982 нафар ўғил-қизлар оилаларда тарбияланмоқда. Шундан 788 нафар болалар 125 та оилавий болалар уйида тарбия олишмоқда. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 августдаги “Оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-345-сонли Қарорида ҳам етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилавий болалар уйи ташкил қилаётган ёки оилага тарбияга (патронат, васийлик, ҳомийлик) олаётган фуқароларни тайёрлаш долзарб аҳамиятга эга эканлиги белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети Ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш кафедраси томонидан 2022 йил 25 августда “Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари тўғрисида вақтинчалик низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг 26-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 36к/к-сон Қўшма қарори ишлаб чиқилиб, масъул ташкилотлар томонидан тасдиқланди. Ушбу Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетда янги ташкил этилган “Ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан Тутинган ота-оналарни тайёрлаш юзасидан ўқув курслари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2022 йил сентябрь ойидан 2022 йил август ойигача сайёр дарс машғулотларини ташкил этадилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг “Ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан жорий йилнинг 5-17 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашга ўз истагини билдирган фуқаролар Тутинган ота-оналарни тайёрлаш ўқув курсларида ўқитилди. Мазкур “Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари” ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага жойлаштириш ҳамда оилавий болалар уйиларни ижтимоий, психологик ҳамда педагогик кузатиб бориш учун зарур имкон яратади. Чунки мазкур курслар ёрдамида тутинган ота-оналар малакали мутахассис, ижтимоий соҳа мутахассислари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиб, болани оилага қабул қилиш жараёнидан тортиб, то оила аъзоларининг ҳамда оиланинг янги аъзосининг бир-бирларига, янги муносабатларга, янги ижтимоий ҳаётга мослашиб, оилада руҳий соғлом муҳитни яратиш каби масалаларда ўз билим, кўникма ва малакаларини эгаллаш имкониятига эга бўладилар. Хусусан, ўқув курсини ўқитишдан кўзланган мақсад – етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини танлашда тутинган ота-оналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш; оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш бўйича тутинган ота-оналарнинг касбий билимлари, қобилиятлари ва кўникмаларини ошириш; оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга оид назарий билим, кўникма ҳамда амалий тажриба, малакаларини оширишга мўлжалланган. Ўқув курси машғулотларини бошлашдан аввал фуқароларнинг эмоционал руҳий барқарорлик даражаларини аниқлашга қаратилган психологик ташхислаш ишлари амалга оширилди. Ушбу ташхислаш ишларидан муваффақиятли натижага эга бўлган фуқаролар ўқув курсида ўқиш имкониятини қўлга киритдилар. Жамоат хавфсизлиги университети Ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан Тутинган ота-оналарни тайёрлаш ўқув дастури Оилавий болалар уйи фаолияти ва оилага олинаётган боланинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда 72 соатга мўлжаллаб ишлаб чиқилди. Дастур 6 та бўлим, 18 мавзудан иборат бўлиб, унда ташкилий масалалар, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий, психологик, тиббий жиҳатдан ўрганиш масалалари, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш, ижтимоий-психологик, педагогик кўмаклашиш, тутинган ота-оналарнинг компетенциялари, оилани бошқариш ва унинг молиявий таъминоти масалалари қамраб олинган. ПҚ-345-сонли Қарорининг 3-бандида тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларини ташкил этиш жараёнига малакали, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб қилиш вазифалари белгиланган. Ушбу вазифани ижроси юзасидан Тошкент шаҳрида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакиллари, Болалар ҳимояси дастури бошлиғи Антония Людеке билан учрашув тафсилотлари ва бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги миллий ва халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, болани оиладаги ижтимоий мослашув босқичлари, болаларга нисбатан зўравонлик ва зарар етказиш хатарларини олдини олиш йўллари масалаларига бағишланган дарс машғулотининг видеодарслари намойиш этилди. Ушбу ўқув курси сўнггида ўзлаштирилган билимларни сарҳисоб қилиш мақсадида ушбу тингловчилардан якуний имтиҳонлар олинди. Имтиҳонлар 2 босқичда амалга оширилди. 1 босқичда тутинган ота-оналар ўқув курси давомида профессор-ўқитувчилар томонидан ўқитилган ўқув дарслари асосида шакллантирилган тест топширдилар. Ушбу тестларни муваффақиятли топширганларидан сўнг, 2-босқичда болаларни ижтимоий ҳимоялаш масалаларига бағишлаб тайёрлаб келинган амалий тадқиқот шаклидаги тақдимотини баён қилиб бердилар. Бугун Қашқадарё вилояти хокимлигининг катта залида ўқув курсини муваффақиятли битирган 25 нафар тутинган ота-оналарга тантанали равишда сертификатлар топиширилди. Ушбу маросимда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари С.Мамаюсупов, Қашқадарё вилояти Болаларни ҳимоя қилиш шўъба мудири И.Каримова, Миллий гвардиянинг Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи У.Азимов, Халқ таълими бошқармаси масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, фуқароларни Тутинган ота-оналарни тайёрлаш ўқув курсини муваффақиятли якунлаганлари билан табрикладилар ҳамда келгусидаги фаолиятларида уларга билдирилган ишончни оқлашларига, фидойи меҳнат олиб боришларига тилаклар билдирдилар. Тадбир сўнггида иштирокчилар эсдалик учун расмга тушдилар.