Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз шахсига мустақиллик йилларида давлатимиз томонидан берилган эътиборни бир сўз билан ифодалаш қийин. Навоий бобомиз ҳақида ҳар қанча гапирмайлик ва ёки қанча изланишлар олиб бормайлик, уларнинг серқирра ижодларини ўрганадиган жиҳатларимиз кўпайиб бораверади. Ҳазрат Навоийнинг таваллуд айёмлари нафақат Республикамизда, қолаверса, бутун дунёда кенг нишонланади десак, муболаға бўлмайди. Алишер Навоийнинг асарлари, айниқса, ғазалларида кўнгил ўзига хос бир тимсол ҳисобланади. Аввало, ҳар бир шеърда шоир кўнглини ёйган бўлади. Қолаверса, ҳар тўрт-беш ғазалнинг бирида у ё бу тарзда кўнгил тимсолининг бевосита тасвирига дуч келаверамиз. Шоир ижодида ҳам дард, ҳам ғам, ҳам шодлик нафаси уфуруб туради. У қай бир мавзуда қалам тебратмасин, сатрлари ҳали ҳануз ўз қимматини йўқотган эмас. Албатта, ўзига ҳос сеҳрига эга бўлган шеърий сатрларнинг умрбоқийлигидадир. Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида Ҳазрат Алишер Навоийнинг 582 йиллиги муносабати билан “Навоий меросининг ўзбек давлатчилигида тутган ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Университет бошлиғининг ўринбосари полковник Махмудов Икромжон Абдумуталибовичнинг кириш сўзи билан очиб берилди. Ушбу маънавий-маърифий тадбирда Университет шахсий таркиби иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов ва Гавҳар Зокировалар иштирок этиб, ўзларининг сермазмун чиқишлари билан тадбирга ўзгача файз киритди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ансамбль ва хор жамоасининг Алишер Навоий фаолияти ва ижодига бағишланган бадиий, мусиқий ва шеърий чиқишлар ҳавола этилди. Тадбир сўнггида меҳмон иштирокчиларга Университет бошлиғининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди. Дарҳақиқат, бизнинг истагимиз Навоий ижодиёти, унинг ибратли ҳаёти, ҳар биримизнинг айниқса, ёшларимизнинг йўлини ёритиб эзгу ишларга руҳлантираверсин.