Мустаҳкам ҳамкорлик — самарадорлик гарови

Мустаҳкам ҳамкорлик — самарадорлик гарови

Қозоғистон Республикаси биринчи Президенти номидаги – Элбаси Миллий Мудофаа университети бошлиғи генерал-майор Лут Сапуович Aлчекенов раҳбарлигидаги делегациянинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Aкадемисига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетига расмий ташрифи амалга оширилди.

Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад – кадрлар тайёрлаш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек олий таълимдан кейинги таълим жараёнларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашиш.

Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети Aхборот-ресурс маркази биносида Университет бошлиғи полковник Мирзаюсуп Хакимович Рустамбаев раҳбарлигида бир қатор ҳарбий хизматчилар иштирокида учрашув ташкил этилди.

Учрашув аввалида Университет бошлиғи делегация аъзоларига икки томонлама ҳамкорлик аълоқаларини ривожлантириш мақсадида амалга оширилган ташриф учун ўз миннатдорлигини билдирди. Шу билан бирга, 2021 йилда Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасалари билан меморандум ва протокол имзоланганлиги, мазкур ҳамкорлик асосларига мувофиқ икки томонлама ҳамкорлик ишлари амалга оширилаётганлиги ҳақида таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Қозоғистон Республикаси делегацияси раҳбари генерал-майор Лут Сапуович Aлчекенов ташкил этилган тадбир учун ўз мамнуниятини билдириб, Университетда ташкил этилган таълим жараёнлари бўйича алоҳида қизиқиш билдирди. Делегация вакиллари ҳарбий ва фуқаровий йўналишни ўз ичига олган гибрид усулдаги таълим жараёнларини ташкил этилганлиги, олий таълимдан кейинги таълим фаолиятини ташкил этилганлиги, мутахассислик йўналишлари бўйича қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди.

Учрашув давомида томонлар икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш борасида ўзаро манфаатли келишувларга тайёр эканликларини билдиришди.

777
Чоп этиш
Text to speech