Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги тил ва маданият соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши Ўзбекистон-Хитой дўстона муносабатлари учун мустаҳкам пойдевор бўлиб, самарали ҳамкорлик манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳозирги вақтда Хитой тили дунёдаги энг кенг тарқалган тил ҳисобланиб, унда 1,4 миллиарддан ортиқ аҳоли сўзлашади. Шундай қилиб, маҳаллий Хитой тилида сўзлашувчилар сайёрамизнинг жами аҳолисининг 18,58 фоизини ташкил қилади. Ҳар йили 20 апрель куни нишонланадиган Хитой Тили куни - ЮНЕСКО томонидан 2010 йилда Бирлашган Миллатлар ташкилотида таъсис этилган бўлиб, кўп тиллилик ва маданий хилма-хилликни ривожлантиришга қаратилгандир. Хитой Тили кунини нишонлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети томонидан 28 апрель куни Хитой тили ва маданияти фестивали ташкиллаштирилди. Унда Хитой санъати, маданияти, хаттотлик репродукциялари, шунингдек анъанавий чой маросимлари, УШУ жанг санъати элементларининг тақдимоти, мусиқа ва рақс дастурларининг ижроси намойиш этилди. Тадбирда университет курсантлари, Хитой тили ва маданияти ихлосмандлари ва билимдонлари иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ректори, ю.ф.д.,проф. М.Х.Рустамбаев ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Конфуций Институтининг Хитой томон директори проф. Ян Шиху бундай тадбирлар икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилишини, келажакда ўзбек-хитой ҳамкорлик истиқболлари учун мустаҳкам пойдевор яратишини, тил ўрганиш эса икки мамлакат маданияти ва анъаналари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятини яратишини таъкидладилар. Бугунги Хитой тили ва маданияти фестивали халқларимиз ўртасидаги кўп асрлар давомида синовдан ўтган мустаҳкам дўстлик ришталарининг яна бир бор тасдиғига айланди. Шубҳасиз, бундай тадбирлар ва Хитойдаги университет ва ташкилотлар билан доимий ҳамкорлик Хитой тилини яхши биладиган, Хитойшунослик соҳасида кенг ва чуқур билимга эга мутахассисларни тайёрлашни мукамаллаштиради. Бу эса, ўз навбатида, дўст мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги уфқларини очиб беради.