Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида ташкил этишнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Шу билан бирга, жаҳонда кучайиб бораётган турли хавф-хатар ва зиддиятлар, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигига таҳдидлар, пандемия, табиий ва техноген офатлар масъул давлат тузилмаларига ўз фаолиятини «Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун» деган устувор ғоя асосида янада такомиллаштириш вазифасини юкламоқда. Жаҳон миқёсида коронавирус пандемияси сайёрамизда сўнги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади. Ўзбекистонда пандемия шароитида жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги долзарб муаммоларни илмий амалий ўрганиш, таҳлил қилиш, халқаро ва хорижий тажрибалар юзасидан ўзаро фикр алмашиш, шунингдек миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида «Пандемия шароитида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммолари: халқаро амалиёт ва миллий тажриба» мавзусида халқаро илмий-амалий конференсия ўтказилди. Конференсияда миллий таълим, илмий ташкилотлари билан бир қаторда Корея Республикаси, Туркия ва бошқа давлатларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари ва профессор-ўқитувчилари, докторантлари, мустақил изланувчилари, булардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академияси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Божхона институти, Aдлия вазирлиги Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг минтақавий ўқув марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси «Темурбеклар мактаби» профессор-ўқитувчилари, докторантлари, мустақил изланувчилари, курсантлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Конференсияни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғининг биринчи ўринбосари ю.ф.д., профессор Миракулов Миравзал Миродилович кириш сўзи билан очиб берди. Конференсияда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосари полковник Мамаюсупов Сарвар Дехканович «Пандемия шароитида жамоат тартибини сақлашда ҳарбий хизматчилар аҳлоқий-руҳий таъминотини таъминлаш масаласи» мавзусида маъруза қилди;
Шунингдек, анжуманда Туркия Жандармерия ва соҳил бўйи хавфсизлиги академияси, Корея Миллий полиция университети халқаро полиция, Ўзбекистон Республикаси Санитария ва эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этди. Конференсия давомида маърузачилар конференсия иштирокчилари томонидан берилган саволларга жавоблар беришди, конференсия кун тартибига қўйилган масалалар қизғин муҳокама қилинди.