Жорий йилининг 7 декабрь куни Туркия Республикаси Истанбул шаҳри Жандармерияси қўмондони генерал-лейтенант Юсуф Кенан Топчу бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетига ташриф буюрди. Ташрифдан кўзлаган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети фаолияти, инфратузилмаси билан яқиндан танишиш, келгусида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилиш. Делегация вакиллари билан учрашув мобайнида Университет бошлиғи делегация аъзоларига икки томонлама ҳамкорлик аълоқаларини ривожлантириш мақсадида амалга оширилган ташриф учун ўз миннатдорлигини билдирди. Шу билан бирга, Туркия Республикаси Жандармерияси ва соҳил хавфсизлиги академияси билан имзоланган меморандум ва протокол юзасидан амалга оширилаётган икки томонлама ҳамкорлик ишлари ҳақида тўхалиб ўтилди ва Университет тарихи, фаолияти, таълим соҳасида янги-ҳарбий ва фуқаровий аралаш ўқиш тажрибаси тўғрисида маълумотлар берувчи қисқа видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, Туркия Республикаси делегацияси раҳбари генерал-лейтенант Юсуф Кенан Топчу ташкил этилган тадбир учун ўз мамнуниятини билдириб, Университетда ташкил этилган таълим жараёнлари бўйича алоҳида қизиқиш билдирди. Делегация вакиллари ҳарбий ва фуқаровий йўналишни ўз ичига олган гибрид усулдаги таълим жараёнларини ташкил этилганлиги, олий таълимдан кейинги таълим фаолиятини ташкил этилганлиги, мутахассислик йўналишлари бўйича қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди. Учрашув давомида томонлар икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш борасида ўзаро манфаатли келишувларга тайёр эканликларини билдиришди.