Фан ва техника тараққиёти тез суръатларда ривожланаётган ҳозирги давр таълим жараёни ва ўқув материаллари сифатига бўлган талабни янада кучайтирмоқда. Бу борада АҚШ, Буюк Британия, Финландия, Франция, Япония каби дунёнинг ривожланган мамлакатларида ўқув материаллари тузилишининг дидактик параметрларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бундан кўзланган асосий мақсад – таълим олувчи шахсини яхлит шакллантириш компонентлари орасидаги объектив алоқадорликни таъминлашга хизмат қиладиган янги авлод дарсликларини яратиш ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда: “... Янги дарсликларни шундай мукаммал тайёрлаш керакки, кейинчалик бунга яна қайтмайлик. Бугунги таълим қирқ йилдан кейин биз ҳақимизда сўзлайди”. Айни пайтда мамлакатимизда ҳам янги авлод дарсликларини яратишда ўқув материалларини танлаш ва ишлаб чиқишга доир методик ёндашувларни такомиллаштириш, ўқув материалларини лойиҳалаштиришда талаба-курсантларнинг индивидуаллиги, мустақил ва ижодий фаолиятини ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, 2019 йил 8 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ПФ-5847-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш тўғрисида” 2018 йил 10 октябрдаги 816-сон Қарорининг қабул қилиниши бунинг амалий ифодасидир. Ўқув адабиётларининг замонавий талаблар доирасида яратилиши олий ва олий ҳарбий таълим тизимида таълим сифатини сезарли ошишига ҳизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Чунки дарсликлар энг самарали, кенг тарқалган педагогик модел ва ўқитиш воситаси ҳисобланади. Таълим олувчилар учун ҳар томонлама чуқур билим олиш ва керакли кўникмаларни эгаллаш йўлида ўқув адабиётлари энг муҳим манбалар сирасига киради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 апрелдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-5077-сон Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ташкил этилди. Жамоат хавфсизлиги университети кўплаб соҳалар учун малакали кадрларни мақсадли тайёрлашни амалга оширувчи базавий олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди. Бугунги кунда Университетимизда курсант-тингловчилар билан бир қаторда, юриспруденция, психология ва иқтисодиёт йўналишларида талабалар ҳам таҳсил олмоқда. Ҳозирги пайтда Университет ўз олдига замон талабларига мос таълим сифатига эришиш, маҳаллий ва хорижий даражада нуфузини ошириш, илғор илмий-тадқиқот муассасаси сифатида фаолият кўламини кенгайтириш каби мақсадлар йўлида илдам қадам ташламоқда. Университетимиз кўп сонли олим ва профессор-ўқитувчиларининг саъйи-ҳаракати туфайли ўқув-услубий соҳада салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан, Университет ташкил этилганидан буён ўтган давр мобайнида ҳарбий, ҳуқуқий, педагогика, психология, филология, иқтисодий, табиий ва техник фанлар йўналишларида 200 дан ортиқ дарслик, 280 дан ортиқ ўқув қўлланма, шунингдек 50 дан ортиқ монография ва 160 дан ортиқ рисолалар тайёрланди. Ушбу адабиётлар талаба ва курсантлар ўртасида кенг тарғибот қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда 2023 йил 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Янги авлод дарсликлари – сифатли таълим гарови” мавзусида учрашув ўтказилди. Учрашувда Университет “Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ҳамкор олий таълим муассасалари билан биргаликда янги нашр этилган ўқув адабиётлари тақдимоти ўтказилди. “Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш” кафедраси Жамоат хавфсизлиги университетининг мутахассис тайёрловчи кафедраларидан бири ҳисобланиб, ўтган давр мобайнида кафедра профессор-ўқитувчилари таркиби томонидан 20 дан ортиқ ўқув адабиётлари тайёрланди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари ва курсант-талабалари иштирок этишди. Тақдимотда профессор-ўқитувчилар томонидан тайёрланган “Касбий психология”, “Тарбиявий ишлар услубиёти”, “Ахборот хавфсизлиги психологияси”, “Юридик психология”, “Ҳарбий ва бошқарув психологияси”, “Тараққиёт ва дифференциал психология” каби адабиётлар тақдимоти бўлиб ўтди. Учрашув якунида тадбирда фаол иштирок этган иштирокчи меҳмонлар Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғининг ташаккурномалари билан тақдирландилар.