Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг 2022 йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларидаги психолог лавозимидаги ҳарбий хизматчи ва ходимлар билан ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида”ги 64-сон Фармойишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 3 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида Миллий гвардияси бўлинмаларидаги психолог лавозимидаги ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг 144 соатлик малакасини ошириш курси йўлга қўйилди.
Малака ошириш курси:
- назарий машғулотлар;
- психологик тренинглар;
- китобхонлик маданиятини юксалтириш;
- эмоционал зўриқишларни бартараф этиш ва стресдан чиқариш амалиёти;
- тингловчилар билим даражаларини аниқлаш йўналишларида ташкил этилди.
Назарий машғулотлар йўналишида амалиётчи психологларнинг соҳага доир билимларини ошириш мақсадида “Омма психологияси” мавзусида назарий машғулот ўтказилди. Машғулот доирасида тингловчилар омма психологияси унинг юзага келиши тарихи, унинг намоёндалари, омманинг характерли хусусиятлари, омманинг турлари ва асосий белгилари, оммавий тартиббузарликларни бартараф этишнинг психологик механизмлари хусусида назарий билимлар ва амалий кўникмалар билан ўртоқлашилди. Машғулот давомида омманинг шахсга таъсири хусусида психологик эксперимент ўтказилиб, назарий билимлар амалий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Психологик тренинглар йўналишида амалиётчи психологларнинг фуқаролар билан ўзаро муносабатларга киришиши, муомала ва мулоқот маданиятини ошириш мақсадида “Телефондаги сўзлашув”, “Маълумотни сўзсиз узатиш”, “Дўстимга хат” мавзуларида психологик тренинглар ташкил этилди. Тренингларда амалиётчи психологларни аҳоли билан ишлаш жараёнида улар билан мулоқот қилиш кўникма ва малакаларини ривожлантириш мақсадлари кўзланган.
Китобхонлик маданиятини юксалтириш йўналишида тингловчиларда китобхонлик маданиятини юксалтириш ва психологик билимларини ошириш мақсади қўйилиб, асар қаҳрамонларининг психологик қиёфасини яратиш, шахснинг психологик хусусиятларини ўрганишга эътибор қаратилди. Бу жараёнда тинловчилар ўзлари севиб ўқиган асарларидаги қаҳрамонларининг билиш жараёнлари, ҳиссий-иродавий соҳаси ҳамда индивидуал ўзига хослигининг акс эттирувчи “психологик портрет”ларни яратишдилар.
Эмоционал зўриқишларни бартараф этиш ва стресдан чиқариш амалиёти унверситетда ташкил этилган “Руҳий енгиллатиш хонаси” ҳамда “Психологик тренинг хонаси” сингари махсус ўқув-тренажер хоналарида ташкил этилди. Мазкур амалий тренингларда тингловчиларга иш фаолиятида эмоционал зўриқишларни бартараф этиш ва стресдан чиқариш амалий жиҳатдан кўрсатиб берилди. Мазкур жараёнда табиийликка яқинлаштирилган махсус ўқув-тренинглар орқали тингловчиларда эмоционал зўриқишларни бартараф этиш ва стресдан чиқариш бўйича малакаларини ривожлантириш мақсад қилинган.
Тингловчилар билим даражаларини аниқлаш йўналишида амалиётчи психологларнинг мавжуд билимларини аниқлашга қаратилган назорат тести ўтказилди. Ушбу тестини ўтказишдан мақсад тингловчиларнинг бошланғич психологик билимларини аниқлаштириш, уларда учраётган касбий фаолиятдаги назарий ва амалий кўникмаларни баҳолаш ҳамда улар билан қайта алоқани йўлга қўйишдан иборат.