Мамлакатимизнинг тинчлиги ва осойишталигига бўлган ҳар қандай таҳдидларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида 2021 йил 15 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ПҚ-5077-сонли “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан Жамоат хавфсизлиги университети ташкил этилди. Шу муносабат билан ҳозирги кунда Жамоат хавфсизлиги университетида “Йўл патрул хизматининг қўмондонлик-тактик фаолияти” таълим йўналиши бўйича офицер кадрлар тайёрланмоқда. “Йўл патрул хизматининг қўмондонлик-тактик фаолияти” таълим йўналишида таълим олаётган курсантларнинг назарий билимларни амалиёт билан бевосита узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 28 сентябрь куни Университет “Бронетанк ва автомобиль техникаси” кафедраси профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда маҳорат дарс машғулоти ташкил этилди. Машғулотда курсантларга ЙПХ ходимлари томонидан чорраҳаларда ҳаракатланишни тартибга солиш, ЙПХ ходимининг ҳайдовчилар билан ўзаро муносабатларидаги муомала маданияти ва ЙПХ ходимлари томонидан қоида бузган ҳайдовчиларга баённома расмийлаштириш бўйича амалий билимлар берилди. Амалий машғулот давомида курсантлар ўзлаштирган назарий билимларини бевосита чорраҳаларда амалий тарзда намойиш қилдилар. Тадбир сўнггида курсантлар соҳа ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар. Соҳа ходимлари билан келгусида шунга ўхшаш тадбирларни кўпроқ ўтказишга келишиб олинди.