Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Жамоат хавфсизлиги университети Тарбиявий ва мафкуравий ишларни ташкил этиш бўлими ҳамда “Тилларни ўрганиш” кафедраси томонидан “Тилни асраган – элни асрайди” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Анжуманни Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғининг Маънавий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник И.Махмудов кириш сўзи билан очиб берди, она тилимизнинг бетакрорлиги, ўзига хос жозибага эга эканлиги ҳамда ёш авлоднинг маънавий юксалишида муҳим ўрин эгаллашини алоҳида таъкидлади. Конференцияга Республикамизнинг таниқли тилшунос олимлари таклиф этилди. Жумладан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев, Ўзбекистон Миллий университети ўзбек адабиётшунослиги кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор Х.Болтабоев, Тошкент амалий фанлар университети “Психология” кафедраси мудири, доцент Саодат Тўйчиевалар ўзбек халқи асрлар оша она тилимизни эъзозлаб келаётганлиги ва бугунги кунда ҳам уни авайлаб, асраш борасида мунтазам равишда қатор чора-тадбирлар ўтказилиши, тилимиз софлигини муҳофаза қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги борасида атрофлича фикр юритдилар.
Кафедра бошлиғи, майор А.Хурсандов курсантларнинг давлат тили ва ўзбек адабиётига бўлган иштиёқларини янада ривожлантириб, улар ўртасида “Ўзбек тили ва адабиёти билимдони” мусобақаларини ташкил этиш таклифлари билан ўртоқлашди. “Тил – миллат кўзгуси” мавзусида сўзга чиққан кафедра доценти Ф.Умарова она тилимизга нисбатан бўлган эътиборни янада кенгайтириш лозимлигига алоҳида аҳамият берди. Кафедра катта ўқитувчиси С.Абдуллаев “Тил софлигини асрашда бадиий асарларнинг аҳамияти” борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Кафедра профессор-ўқитувчилари Э.Эркаев, О.Латипов, Н.Раджабовлар ҳам сўзга чиқиб, ёш авлодни она тилимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромини янада ошириш лозимлигини айтиб, бу борада бадиий адабиётни кўпроқ талқин қилиб бориш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар. Анжуман Университетимиз курсантлари ҳамда йиғилган барча иштирокчиларда жуда катта таассурот қолдирди.