Навоий ва Бобур мероси ёшлар нигоҳида

Навоий ва Бобур мероси ёшлар нигоҳида

Анжуманни Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи ю.ф.д., профессор, полковник М.Х.Рустамбаев кириш сўзи билан очиб, буюк мутафаккир шоир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ва унинг авлодларига қолдирган ўчмас мероси ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек шоҳ ва шоир, саркарда Заҳириддин Мухаммад Бобурнинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин эгаллашини алоҳида таъкидлади. Тадбирга университет Таҳририят ва ноширлик бўлими ходими Умида Бадриддинова модераторлик қилди. Анжуманга Республикамизнинг таниқли тилшунос олимлари таклиф этилди. Жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университети “Урду тили ва адабиёти, Покистон тарихи ва маданияти” кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мухлиса Шарахмедова “A.Иброхимовнинг Бобуршунослик ривожига қўшган ҳиссаси” номли маърузаси билан иштирок этди. У Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил гапириб ўтди ва иштирокчилар саволларига жавоб бериб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Анжуманда Тошкент Молия институти бўлим бошлиғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир, адабиётшунос Бобур Бобомурод “А.Навоий ва Бобур ижодида Ватан мадҳи ва гуманизм ғоялари” маърузаси билан барчага қимматли маълумотлар бериб ўтди. Яна бир шоир, адабиётшунос, Ўзбекистон Миллий университети ўзбек адабиётшунослиги кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор Х.У.Болтабоев “А.Навоий ва З.М.Бобур маънавий мероси” номли маърузасини тингловчи ва курсантларга ҳавола этди. Анжуман давомида “Тилларни ўрганиш”  кафедраси бошлиғи, майор А.С.Хурсандов курсантлар ўзларининг бўш вақтларида бу икки буюк аждодимиз бизларга қолдирган меросини ўрганиш, уни асраб-авайлаб, кейинги авлодга қолдиришимиз лозимлиги ҳақида гапириб ўтди. Кейинги маърузачи “Тилларни ўрганиш” кафедраси доценти Ф.Умарова ўзининг чиқиши билан Навоий ва Бобур ўзларидан кейин жуда катта илмий мерос қолдирганлигини таъкидлаб ўтди. Кафедра профессори О.Латипов ҳам сўзга чиқиб, ёшларни аждодларга мос авлод бўлишга ундади. Маърузачиларнинг чиқишларидан сўнг университет курсантлари томонидан ташкил этилган бадиий қисмда Навоий ва Бобур ёзиб қолдирилган ғазал ва рубоийлар ўқилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Мазкур анжуман университетимиз курсантлари ҳамда йиғилган барча иштирокчиларда жуда катта таассурот қолдирди.

484
Чоп этиш
Text to speech