Бугунги кунда мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш ва оммавий спортни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар янги ва қизғин босқичга чиққан. Айниқса, бу масала ёшлар орасида кенг тарғиб этиб, ёш авлодда қатъий ҳаётий позиция, Ватанга садоқат туйғусини шакллантиришда яхлит тизим яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида Жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5924-сон ҳамда 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 6099-сон фармонлари ижросини таъминлаш, ёшларни спортга қизиқтириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Тарбиявий ва мафкуравий ишларни ташкил этиш” бўлими ва Жамоат хавфсизлигини таъминлаш кафедраси билан ҳамкорликда “СПОРТ – ТИНЧЛИК ГАРОВИ” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатига таниқли спорт журналистлари: “Спорт”, “Спорт+” газеталари бош муҳаррири, педагогика фанлари номзоди, доцент Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ҳамда истеъдодли шарҳловчи ва шоир Хайрулла Ҳамидов таклиф этилди. Мазкур тадбирда меҳмонлар университет профессор-ўқитувчилари ва курсантларга спортнинг футбол тури тарихи, жаҳон миқёси ва Ўзбекистонда футболнинг ривожланиши, юртдошларимиз халқаро ареналарда қўлга киритаётган улкан ғалабалар ҳақида кўплаб маълумотлар тақдим этилди ҳамда футбол ва спортнинг бошқа турлари бўйича кўплаб саволларга жавоб берилди, шеърлар ўқилди. Шу билан бирга “Спорт билимдони” танлови ўтказилиб, тўғри жавоб берган уч кишига спортга оид китоблар совға қилинди. Давра суҳбати қизиқарли баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтиб, иштирокчиларда ижобий таассурот қолдирди, курсантларда келгусида таълим жараёни, ҳарбий хизматни ўташ билан биргаликда спортга қизиқишни янада кучайтиришга сабаб бўлди.