Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети Олий таълимдан кейинги таълим факультети томонидан Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув маркази ҳамда Фарғона минтақавий ўқув маркази билан ҳамкорликда 2022 йилнинг 28 октябрь куни Ихтисослаштирилган ўқув марказида Университетнинг олий таълимдан кейинги таълимини мустақил изланувчилик шаклига ўқиётган тадқиқотчилар, шунингдек ўқув марказларининг раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари иштирокида “Илм-фанни ривожлантириш орқали биз мамлакатни ривожлантирамиз!” шиори остида “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш тизими ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий семинар бўлиб ўтди. Тадбирни Миллий гвардиянинг Ихтисослаштирилган ўқув маркази бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), полковник Бабаев Акмал Абдукаримович кириш сўзи билан очиб берди. Илмий семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети Олий таълимдан кейинги таълим факультети бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент, подполковник Махсадов Махсатулло Исматович томонидан семинар мавзусига оид илмий фаолият методологияси, илмий-тадқиқот ишларини ҳимояга тайёрлаш тартиби, докторлик диссертацияси ва диссертация авторефератини расмийлаштириш қоидалари, диссертациялар илмий натижаларининг амалиётга жорий қилинишини баҳолаш, малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби, келгусида мамлакатимизда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш тизими ва уни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, Миллий гвардия қўмондонининг Миллий гвардия тизимида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш тартиби бўйича раҳбарий ҳужжатларини мазмун-моҳияти тўғрисида тадбир иштирокчиларига атрофлича маълумотлар берилди. Шу билан бирга, тадбир жараёнида факультет масъул ижрочиси Н.Н.Тошбеков томонидан ўқув марказларидан изланувчи бўлган тадқиқотчиларнинг илмий фаолиятини мониторинги натижалари етказилди. Тадбир давомида Миллий гвардиянинг Ихтисослаштирилган ўқув маркази ва Фарғона минтақавий ўқув маркази бошлиқлари томонидан ўқув марказларида изланувчиларга яратилган шарт-шароитлар ва бу йўналишда олиб борилётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот бериб ўтдилар. Тадбир сўнгида изланувчилар ва профессор-ўқитувчилар томонидан илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш тартиби бўйича берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.