Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида 2022 йилда амалга оширилган илмий ва инновацион ишларнинг якунлари ҳамда янги 2023 йил учун илмий ишларни режалаштириш масалаларига бағишланган “Илм-фан ва инновациялар куни” номли тадбир ўтказилди. Мазкур тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси марказий девони, Жамоат хавфсизлиги университети, Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ва минтақавий ўқув марказлари, ҳудудий бошқармалари, ҳарбий қисм ва бўлинмаларининг илмий-фаолият билан машғул бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимлари фаол иштирок этишди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси марказий девони, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ҳудудий бошқармалари, ҳарбий қисм ва бўлинмаларининг илмий-фаолият билан машғул бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимлари
томонидан яратилган 50 дан ортиқ илмий ва рационализаторлик ишланмалари намойиш этилган бўлса, қувонарлиси, шулардан
30 дан ортиқ илмий ва рационализаторлик ишланмалари Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилари ва Иқтидорли курсантлари томонидан яратилганлиги Университетнинг Илмий-тадқиқот фаолиятидаги ютуқлари далилидир. Тадбир давомида Миллий гвардия Илм-фан ва инновациялар қўмитасининг навбатдаги мажлиси, Миллий гвардия бўлинмаларида 2022 йил давомида яратилган илмий, инновацион ва рационализаторлик ишланмалари ҳамда ўқув ва илмий адабиётлар кўргазмаси, шунингдек, Миллий гвардия тизимида илмий ва инновацион фаолиятни ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича илмий-амалий семинар ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг соҳа бўйича мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этиш баробарида, илмий изланувчиларни қизиқтирган бир қатор саволларга атрофлича жавоблар бердилар. Яратилган инновацион ишланмалар кўргазмасига тақдим этилган тафаккур намуналарининг амалий аҳамияти ва техник ечимларини юқори баҳоладилар.