Барчамизга маълумки, бугун биз учун жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси инсон қадри баланд бўлган жамият қуриш йўлида илдам одимламоқда. Бундай эзгу мақсадларга эришишда билимли ва ватанпарвар ёшлар асосий таянч ҳамда суянч бўлиб хизмат қилади. Шу боисдан, янгиланаётган Конституциямизда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, давлат уларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиши тўғрисида алоҳида нормалар киритилмоқда. Эътироф этиш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг алоҳида Қарори асосида пойтахтимизда Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси барпо этилиши, ҳар йили апрель ойида «Интеллектуал ҳафталик» тадбирини тизимли равишда ўтказиб бориш, «Заковат» стипендиясини таъсис этиш белгиланди. Жумладан, «Интеллектуал ҳафталик» олий таълим муассасаларининг талабалари ўртасида интеллектуал соғлом рақобатни юзага келтириш, талаба-ёшларнинг билимга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил қилинади. Айнан шу мақсадлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизиги университетида республикамизнинг етакчи олий таълим муассасалари талаба-курсантлари ўртасида “Психология билимдони” интеллектал танлови ўтказилди. Танловдан кўзланган мақсад – педагогика ва психология йўналишида таҳсил олувчи олий ва олий ҳарбий таълим муассасаларининг талаба-курсантлари ўртасида интеллектуал соғлом рақобатни юзага келтириш, талаба-курсантларнинг билимга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳисобланади. Интеллектуал танловда Ўзбекистон миллий университетининг “Интеллект”, ИИВ Академиясининг “Жасорат”, Қуролли Кучлар Академиясининг “Ўзбегим”, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети курсантларининг “Ренессанс”, Махсус факультети талабаларининг “Позитив психологлар” жамоалари “Таништирув”, “Тест”, “Кроссворд”, “Психологик муаммо ва ечимлар” шартлари асосида беллашдилар. Танлов шартлари малакали профессор-ўқитувчи ва экспертлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Унинг натижаларига мувофиқ жамоалар “Энг фаол жамоа”, “Энг позитив жамоа”, “Энг ижодкор жамоа”, “Энг зукко жамоа”, “Энг оптимист жамоа” номинациялари бўйича ғолиб ва совриндор деб топилди. Шунингдек, ҳар бир жамоадан бир нафардан иштирокчи «Энг фаол иштирокчи» номинацияси бўйича ҳамда танловда қатнашган ҳамкор олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ташаккурнома билан тақдирланди. Тадбир якунида курсант-талабалар учун Жамоат хавфсизлиги университети бадиий жамоаси ва таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.