Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ва мазкур лойиҳа доирасида вилоят, туман ва жойларда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди кўпаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ҳам ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Юртимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси эзгу қадриятларимиз давомийлигини таъминлаш ва барқарор ривожланишга эришишда муҳим омил бўлмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ўтказилиши анъанага айланган ушбу экологик лойиҳа доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатини экиш ва шу орқали мамлакатимиз яшил майдонларини амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида ҳарбий хизматчи ва курсантлар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “долзарб 40 кунлик” тадбири ўтказилди. Тадбир давомида университет ҳудудига 1000 дан ортиқ турли хилдаги ҳудуд иқлимига ва ер шароитига мос бўлган дарахт кўчатлари экилди. Ушбу кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари жараёнида кўплаб янги ташаббус ва ҳаракатлар бўй кўрсатди. Бу халқимизнинг азалий қадриятларга садоқати, табиатга бўлган меҳр-муҳаббати ифодасидир. Бу чора-тадбирларни амалга ошириш ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Зеро, кўчат экиш, боғ яратиш юрт ободлиги, эл фаровонлиги, ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган эзгу амалдир.