Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар – халқчил, адолатпарвар давлат барпо қилиш йўлида

Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар – халқчил, адолатпарвар давлат барпо қилиш йўлида

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети Давлат  ҳуқуқий фанлар ва инсон ҳуқуқлари кафедраси томонидан “Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар – халқчил, адолатпарвар давлат барпо қилиш йўлида” номли халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Давлат раҳбарининг 2021 йил 6 ноябрдаги инаугурация жараёнидаги нутқида,  фуқароларимиз томонидан мамлакатимизда ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган муҳим таклиф конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборатлигига, қолаверса,  дунё тажрибасида туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганлигини, шу нуқтаи назардан аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар.

Ҳозирги кунда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар,  илгариги конституциявий ўзгаришлардан фарқ қилиб, асосий эътибор инсон қадрини улуғлаш, унга хизмат қилиш, инсон манфаатларининг устуворлигига сўзсиз риоя қилиш каби асосий ғояларни қамраб олади.

Давлат раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 29 йиллиги билан йўллаган табригида,  9 та устувор йўналишларга тўхталиб ўтган эдилар. Яъни, илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш; иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши; фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш; оила институтини ривожлантириш; ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш; ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш; болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш; табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олиб экология соҳасини ривожлантириш; боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш каби муҳим устувор йўналишлардир.

Президентимиз томонидан мамлакатимиз тараққиёти истиқболини, халқимизнинг мақсад ва муддаоларини белгилаб берадиган Асосий қонунимизни қабул қилиш бўйича жорий йилнинг 20 июнь санасида Конституциявий комиссиялар билан учрашувда конституцияда акс этиши лозим бўлган устувор тўртта йўналишга бевосита тўхталиб ўтди. Давлат бошлиғи ўз сўзини бошлар экан, Бош мақсадимиз – ҳар бир юртдошимиз ушбу ҳужжатни менинг Конституциям деб фахрланадиган мукаммал даражага олиб чиқишлигига алоҳида урғу бериб ўтдилар. Қолаверса, Давлат раҳбари  Конституциямиз хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келиши билан бирга, янгиланадиган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозимлигига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Юқорида билдирилган концептуал фикрларни инобатга олган ҳолда жорий йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Давлат ҳуқуқий фанлар ва инсон ҳуқуқлари”  кафедрасининг ташаббуси билан “Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар – халқчил, адолатпарвар давлат барпо қилиш йўлида” номли мавзудаги халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Мазкур конференцияда, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий  судининг раиси, юридик фанлар доктори, профессор Абдусаломов         Мирза-Улуғбек Элчиевич  - “Конституциянинг 30 йиллиги: Конституциявий  ислоҳотлар ва конституциявий одил судловни такомиллаштириш масалалари”; Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи, полковник, юридик фанлар доктори, профессор Рустамбаев Мирзаюсуф Хакимович – “Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда – Жамоат хавфсизлиги университетининг иштироки”;    Армия генерали И.К.Яковлев номидаги, Жуков ҳарбий орденидаги Новосибирск Миллий гвардия қўшинлари институти. Давлат ва ҳуқуқ тарихи ва назаияси кафедраси бошлиғи, Кононов Алексей Николаевич – “Россия миллий хавфсизлигини таъминлаш муаммолари: тарихий жиҳатлар”; Б.Бейсенова номидаги Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Караганда Академияси. Умумҳуқуқий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси  ю.ф.н. Ладигина Оксана Александровна“Қозоғистон Республикасида Конституциявий-ҳуқуқий ислоҳотлар”; Жуков ҳарбий орденидаги Россия федерацияси қизил байроқ Миллий гвардия қўшинлари институти. Конституциявий ва маъмурий ҳуқуқ кафедраси дотсенти, й.ф.н. Шишкина Елена Василевна – “Россия Федерацияси миллий хавфсизлигини таъминлашнинг Конституциявий асослари”; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмита раиси Ином Қудратов – “Конституциявий қонун лойиҳаси: Халқ-қонунларнинг ягона манбаи ва ижодкори- тамойилининг ифодаси”; Давлат  Федерал Олий ҳарбий таълим муассаси билим юрти “Россия Федерациясининг Жукоб ҳарбий орденидаги қизил байроқ Миллий  гвардия қўшинлари институти” Жиноят-протсессуал ва криминалистика кафедраси ўқитувчиси, Поплавская Наталя Николаевна – “Россия қонучилигида юридик ёрдам олиш Конституциявий ҳуқуқи”; Армия генерали И.К.Яковлев номидаги, Жуков ҳарбий орденидаги Новосибирск Миллий гвардия қўшинлари институти. Конституциявий ва маъмурий ҳуқуқ кафедраси дотсенти, Ломакина Ирина Генадевна - Кўп миллатли давлатларда низоларнинг олдини олиш муаммолари: ҳуқуқий жиҳат”; Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети давлат ҳуқуқий фанлар ва инсон ҳуқуқлари кафедраси бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор, Зулфиқаров Шерзод Хуррамович - “Конституцивий ўзгаришлар – ислоҳотларнинг янги босқичида”  мавзуларида ўзларининг кенг қамровли, илмий-амалий жиҳатга бой бўлган маърузалари билан иштирок этишди.

Конференция якунида конституциявий ислоҳотларга доир турли илмий-амалий ёндашувлар билан  боғлиқ тегишли фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдириб ўтилди.

587
Чоп этиш
Text to speech