Миллий тараққиётимизнинг янги ислоҳотлар босқичида халқчил Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркиндиклари, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг марказида турувчи энг устувор, давлат сиёсати даражасига кўтарилган асосий масалага айланди. Маълумки, ҳар бир давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётида инсон ҳуқуқи масаласи алоҳида аҳамият касб этиб, у демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиси, демократиянинг талабларини кўрсатувчи ўзига хос ўлчов мезони ҳисобланади. Шу сабабдан, бугунги кунда мамлакатимизда Давлат раҳбарининг ташаббулари билан инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ислоҳотлар изчил амалга ошириб келинмоқда. Шундай қадамлардан бири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига биноан мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган ислоҳотлар устувор йўналишлар сифатида белгиланиб, унда инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш; мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг Энг асосий ва зарур шартига айлантириш; адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш; маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш каби долзарб вазифалар белгилаб берилди. Инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишни янги поғонага кўтариш мақсадида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги тамойилларини ҳаётга тадбиқ этиш, инсонпарварлик, адолат, суд хокимияти мустақиллигини таминлаш, суд процессида тортишувчилик, “Хабеас корпус” институтини кенгайтириш, тергов олиб боришда суд назоратини кучайтириш каби жиҳатларни инобатга олган ҳолда 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Давлат ҳуқуқий фанлар ва инсон ҳуқуқлари” кафедрасининг ташаббуси билан “Конституция – инсон-жамият-давлат манфаатлари акс этган Қонун” номли мавзудаги илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур конференцияда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, конституциявий комиссия аъзоси, юридик фанлар номзоди Хусанова Мухтабар Акбаровна - “Олий Мажлис ваколатларини Конституциявий жиҳатдан такомиллаштиришнинг зарурати”; Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси кафедра мудири, юридик фанлар доктори, профессор Хайитов Хушвақт Сапарбоевич - “Конституциявий ислоҳотлар шароитида халқпарвар давлат барпо этишнинг долзарб масалалари”; Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали ҳуқуқбузарлик профилактикасини ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор Бердияров Шухрат Намазбоевич - “Конституция ва қонун устунлиги – жамиятимиз тараққиётининг гарови”; Бош прокуратура Академияси Марказ прокурори Бердиалиев Содиқжон Алижонович - “Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда Конституциянинг ўрни” мавзуларида ўзларининг кенг қамровли, илмий-амалий жиҳатга бой бўлган маърузалари билан иштирок этишди. Конференция якунида Конституцияга доир турли илмий-амалий ёндашувлар билан боғлиқ тегишли фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдириб ўтилди.