Янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти, бу борада аҳолининг кенг қатлами, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини мустаҳкамлаш, фаол фуқаровий позициясини ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар олиш мақсадида 2022 йил 15 июнда Жамоат хавфсизлиги университетида “Конституциявий ислоҳотлар — инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Жамоат хавфсизлиги универститети бошлиғи, Республика Конституциявий комиссия аъзоси М.Х.Рустамбаев, Университет бошлиғи ўринбосари, Конституциявий комиссиянинг йиғма-таҳлилий гуруҳ раҳбари М.М.Миракулов, Адолат социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати вакиллари, хусусан партия Сиёсий Кенгаши раиси Б.А.Абдухалимов, раис ўринбосари А.Ш.Рахмонов сўзга чиқиб юртимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ва унда фуқароларнинг фаол иштирокига оид маълумотлар бердилар.
Ўзаро савол-жавоблар, мунозараларга бой бўлган тадбирда партия фаоллари ва илғорларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, давлат ва жамият тараққиётига дахлдор қатор таклифлари олинди.
Шунингдек, тадбирда партия фаоллари томонидан ҳеч бир ҳуқуқий ҳужжат «догма», яъни тошга ўхшаб қотиб турмаганидек, Конституция ҳам мамлакат ривожига монанд равишда, халқнинг манфаатларини тўлиқ кўзлаган ҳолда такомиллашиб бориши зарурлиги ва шундагина Бош қомус халқнинг хоҳиш-иродасини ўзида тўлақонли акс эттира олиши таъкидланди. Қолаверса, кун тартибидаги масала партиянинг ташаббуслари ва дастурий мақсад-вазифаларига тўла мос келиши айтиб ўтилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни «Менинг конституциям» платформаси қабул қилаётганлиги тўғрисида сўз юритилиб, фуқаролар ўз фикр-мулоҳазаларини нафақат онлайн платформага балки, маҳаллалар, халқ депутатлари Кенгашлари, 1341 call-маркази, почта, шу жумладан электрон почта ҳамда Телеграм махсус боти — @meningkonstitutsiyam_bot орқали юборишлари мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилди.