Жорий йилнинг 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети “Тилларни ўрганиш” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан 4-курсантлар батальони командири подполковник Акрамов Жўрабек Мамасолиевич , шунингдек, взвод командирларининг бевосита иштироки ҳамда амалий ёрдамида университетнинг курсантлари билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сонли қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг адабиётга, китоб ўқишга қизиқишини ошириш мақсадида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” эзгу ғояси остида адабий кеча ташкил этилди.
... ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди.
Шавкат Мирзиёев
Адабий кечада таниқли рус ёзувчиси А.П.Чеховнинг энг машҳур ҳикояларидан “Семиз ва ориқ”, “Уқаламбур”, “Чиновникнинг ўлими” 401, 402-гуруҳлар курсантлари томонидан саҳналаштирилган постановкаси намойиш қилинди, Полвониязова Назли , Қурбонов Султон, Жўраёв Бахтиёр, Базарбаев Султон , Мухтарова Фарида , Норкулов Аббос ва бошқалар томонидан рус, немис, араб тилларида шеърлар, ҳикматли сўзлар ифодали ўқилди. Шунингдек, тадбир давомида тарбиявий аҳамиятга эга бўлган, она-Ватанга муҳаббат, катталарга ҳурмат, Ватанига ва ўз касбига садоқат руҳидаги куй ва қўшиқлар ижро этилди. Жумладан, 1-батальон 132-гуруҳ курсанти Расулов Мангуберди томонидан куйланган қўшиқларга тадбирнинг барча иштирокчилари жўр бўлди, адабий кечага ўзгача байрамона шукуҳ бағишлади.
Тадбир якунида сўз олган устозлар курсантларга китоб ўқишнинг аҳамияти, китобнинг ёшларни, жумладан ҳарбий хизматчилар шахсини тарбиялашдаги ўрнига тўхталиб, сифатли таълим олишда ахборот технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, кўпроқ китоб ўқиш лозимлигини, китоб тафаккурни кенгайтиришини таъкидладилар. Адабий кечада фаол қатнашган курсантлар жамоалари университет раҳбарияти томонидан берилган ташаккурнома билан тақдирландилар.