Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 20 май куни Адиблар ҳиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари юзасидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш ҳамда ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетига вазифа юклатилган эди. Шу муносабат билан шоҳ ва шоир буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 540 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида Жамоат хавфсизлиги университети ташаббуси билан пойтахтимизнинг Адиблар ҳиёбонида Бобур ҳайкали олдидан ўрта асрлар муҳитини берувчи юзлаб тарихий либосларда ҳамда ҳозирги давр миллий армиямиз кучини кўрсатувчи: Жамоат хавфсизлиги университети офицер ва курсантлари Университет отлиқ бўлинмаси ва белгиланган шахсий таркиб саф билан ўтди. Шундан сўнг, Университети раҳбарияти томонидан байроқдор гуруҳ ҳамроҳлигида туркий адабиётнинг энг машҳур вакилларидан бири, ўзининг ижодий фаолияти ва кучли сиёсати билан дунё тарихида ўчмас ном қолдирган буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурга ўз эҳтиромларини билдирган ҳолда унинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди. Мазкур тадбирда Ички ишлар академияси тингловчилари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ҳамда Бобуршунос олимлар иштирок этди. Тадбир давомида маърузачилар томонидан Бобурнинг илмий-маънавий мероси, унинг неча асрларки халқимиз юрагидан чуқур ўрин олганлиги, маънавий ҳаётимиздаги катта дастурил амал бўлиб келаётганлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, унинг дунё адабиёти дурдонаси ҳисобланган “Бобурнома” асари ўзида жуда кўп маънавий-ахлоқий, тарбиявий масалалар, ватанпарварлик ва юртга садоқат туйғуларини ўзида мужассам этганлиги ҳақида йиғилганларга таъкидланди. Тадбир давомида Университет курсантлари томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган бадиий саҳна кўринишлари, китоблар тақдимоти ўтказилди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 20 май куни Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари юзасидан "Йўлбарснинг туғилиши" номли тарихий бадиий фильм ҳамда “Йўлбарс изидан” номли тарихий-ҳужжатли фильм Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ва Ўзбекистон Кинематография агентлиги ҳамда “Sintez” киностудияси билан ҳамкорликда тасвирга олинган эди.