Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, бола бу дунё, бола бу ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли.
Ёзнинг биринчи куни дунёнинг деярли барча мамлакатларида келажагимиз эгалари учун турли концертлар, кўргазмалар, сайиллар, спорт мусобақалари ўтказилади. Истироҳат боғлари эса болаларнинг табассумлари билан гўёки мўъжизалар дунёсига айланади. Мамлакатимизда ҳам ушбу байрам ҳар йили дилларда қувонч ила нишонланади. Сабаби Ўзбекистон – болажон юрт, халқимиз эса азалдан болажон халқ. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон қўшилган илк халқаро шартномалар қаторида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидан сўнг айнан Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция туриши ҳам бунинг яққол исботидир.
Болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгаларидир. Бинобарин, уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир. Ўзбекистонда ҳам фарзандларимиз ана шундай меҳр-муҳаббат, улкан ғамхўрликлар оғушида вояга етмоқда.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, аввало, оила, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш давлатимизнинг устувор вазифаси сифатида белгилаб олиниб, бу ижтимоий сиёсат даражасига кўтарилиб келмоқда. Инсон фарзанди учун яшайди, дилбандларига умрини бахшида этади.
Хусусан, бугун 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан “Болалар тинч ва бахтли ҳаёт кечиришлари шарт” деб номланган шиор остида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида ҳарбий хизматчи ва ишчи хизматчиларни фарзандлари, Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун маданий-хордиқ, спорт ва кўнгилочар тадбирлар ўтказилди.
Тадбирда дастлаб болалар ҳарбий оркестр садоси остида, қўлларига шарлар улашилган ҳолда тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг улар эътиборига университет ҳарбий оркестр
ва “Алвон беретлар” жамоаси, қурол билан кўргазмали саф гуруҳи ва қўл жанги гуруҳи томонидан кўргазмали чиқишлар ҳавола этилди.
Тадбирга ташриф буюрган болажонлар ўртасида қизиқарли шартлар танлови, спортнинг “Шашка”, “Армреслинг”, “Тўпни ҳавода кўп тепиш”, “Стол тенниси”, “Арғимчоқда сакраш”
ва “Гимнастик халқа айлантириш” турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, ғолиблар эсдалик совғалари ва диплом билан тақдирланди.
Шундан сўнг болалар эътиборига ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар ва радиоалоқалар, муҳандислик ва кимёвий воситалар, хизмат отлари ва хизмат итлари кўргазмаси намойиш этилди ҳамда улар учун университетнинг ахборот-ресурс маркази, курсантлар ётоқхонаси
ва ошхонасига саёҳат уюштирилиб, у ерда яратилган шарт-шароитлар яқиндан таништирилди.
Қизғин тарзда ўтган тадбир болажонларга бир олам қувонч улашди. Шунингдек, байрамга келган барча болалар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Тадбирнинг якунида болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун пойтахтимизнинг “Ғалаба боғи”га саёҳат амалга оширилди.
Хулоса қилиб айтганда, “Болаларни ҳимоя қилиш куни” байрамининг мақсади - болаларнинг юзида табассумни кўриш, уларнинг бахти-иқболи, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир.