Совет иттифоқининг қарорига биноан Ички ишлар вазирлигининг 1980 йил 22 сентябрдаги буйруғи билан ташкил этилди. Совет иттифоқи Вазирлар Кенгашининг қарорига биноан 1981 йилда Тошкент шаҳрида Олий курслар комплекси қурилиши бошланди.
Олий курслар комплексининг қурилишида собиқ Иттифоқ Ички ишлар вазирлигининг Ички қўшинлари Бош бошқармаси ва Ички қўшинлар сиёсий бошқармалари роли катта бўлган. Қурилиш ишларига бевосита Олий курслар бошлиғи, 1960-1980 йилларда 88-конвой дивизиясини бошқарган генерал-лейтенант Б.Х.Сирожиддинов раҳбарлик қилган.
Олий курсларнинг асосий вазифалари Афғонистон Республикаси учун юқори малакали офицер кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда Совет Иттифоқи офицер кадрларининг малакасини оширишдан иборат эди.
Совет Иттифоқи Вазирлар Кенгашининг 1990 йил 15 октябрдаги сонли кўрсатмасига биноан, Ички ишлар вазирлиги Олий курслари (5375 ҳарбий қисм) базасида ташкил этилиб, СССР ИИВ Ички қўшинлари Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти деб номланган.
Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 10 январдаги Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига олиниб, Ички ишлар вазирлиги тизимига киритилган. Билим юрти 1991 йили илк курсантларни қабул қилиб, 1995 йилда дастлабки битирувчиларни тайёрлаб чиқарган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти: ИИВ қўшинлари ва идоралари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари учун юқори касб маҳоратига эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланадиган, мамлакат хавфсизлиги вазифаларини самарали бажаришга қодир бўлган олий ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланган.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг қўлланиш режаларида ўқув ҳарбий қўшилмаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг оператив вазият кескинлашганда Тошкент мудофаа маконини ҳимоя қилиш режаси доирасида жамоат тартиби ва хавфсизлигини кучайтириш, бошқа оператив хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган заҳираси ҳисобланган.
Билим юртининг гарнизон хизматидаги айрим вазифалари Ўзбекистон Мудофаа вазирининг буйруқлари билан белгиланган. Билим юрти ўзининг жанговар байроғига эга бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент олий ҳарбий-техник билим юрти – Ўзбекистон Республикаси ИИВ қўшинлари ва тегишли Ички ишлар идоралари, шунингдек режа-буюртмалар асосида бошқа ҳарбий тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар учун кадрлар тайёрлаган.
2017 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тошкент олий ҳарбий-техник билим юрти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5005-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳарбий-техник институти этиб қайта ташкил қилинди.
2017 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташкил этилганидан сўнг, соҳага малакали ва профессионал кадрларни тайёрлаш заруриятидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил ноябридаги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳарбий-техник институти Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тасарруфига ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 апрелдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5077-сон қарорига мувофиқ Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти негизида қайта ташкил этилган.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирда университет жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва паспорт тизими талабларини амалга ошириш йўналишлари бўйича жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлиги учун ҳарбий дипломатия, юриспруденция, иқтисодиёт, шунингдек муҳандислик-техник, тарбиявий-психологик ва қўмондонлик-тактик фаолият соҳалари бўйича Қуролли кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун юқори малакали кадрларни тайёрлайди.
Бугунги кунда университетда 43 нафар фан доктори (DSc), 90 нафар фан номзоди (PhD), 29 нафар профессор ва 103 нафар доцент ўз фаолиятларини амалга оширмоқдалар.