Жорий йилнинг 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг “Тилларни ўрганиш” кафедраси доценти, педагогика фанлари номзоди Фарида Умарова томонидан кафедра профессор-ўқитувчилари учун тажриба алмашиш мақсадида 4-батальон 423-гуруҳ курсантлари иштирокида маҳорат дарси ўтказилди. Маҳорат дарсида хавфсизлик, миллий хавфсизлик, давлат хавфсизлиги, жамоат хавфсизлиги, жамоат тартиби каби тушунчалар кўриб чиқилди. Машғулотда кафедра ўқитувчилари билан бир қаторда 423-гуруҳ командири Бердиева Умида, шунингдек Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар таҳлил ва ҳамкорлик бошқармаси ходими Жуманова Муҳайё қатнашиб, курсантларга амалий фаолиятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари, хавфсизликка таҳдид солувчи омиллар ҳақида батафсил гапириб бердилар. Шу билан бирга, мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш, профессионалликка эришишда хорижий тилларни, жумладан рус тилини билишнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар. Ф.Умарова машғулот давомида курсантларнинг диққатини жалб қилувчи методларни қўллади, мавзуга доир тақдимот ва видеороликлар намойиш қилинди, тарқатма материаллардан фойдаланди. Ўқитувчилар томонидан ташкил этиладиган бу турдаги маҳорат дарслари тажриба алмашиш, инновацион методларни тарғиб қилиш, курсантларнинг тилни ўрганишга қизиқишини ошириш, уларнинг ички ва ташқи мотивациясини кучайтиришга хизмат қилади. Машғулот якунида иштирокчилар жараённи ижобий баҳолаб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.